Бир юз йигирма уч оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлган. Бу сурада ҳам ёлғиз Аллоҳга, у зот юборган пайғамбарларга ва улар келтирган динларнинг ҳақ эканига иймон келтириш, қиёмат кунида қайта тирилиб, бу дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига яраша мукофот-жазо олишга ишониш исломий ақиданинг моҳият-ҳақиқати экани борасида сўзланади.
Бу сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуъайб, Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг қиссалари анча муфассал ҳикоя қилинадики, бундан мурод биринчидан, барча мўминларга илгари ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилишлари сабабли ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида маълумот бериш бўлса, иккинчидан, яқинда икки азиз кишисидан амакиси Абу Толиб ҳамда жуфти ҳалоли Ҳадичадан ажралиб қолган ва мудом Макка мушриклари томонидан озор-азиятларга рўбарў бўлаётган Муҳаммад алайҳиссаломга ўтмишдошларининг ҳаётлари ва уларнинг Ҳаққа даъват қилиш йўлида чеккан машаққатларини баён қилиш билан таскин-тасалли беришдир.
Бу сура Қуръони Каримнинг айбу нуқсонлардан пок ва назму мағзига ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан халал етмайдиган илоҳий Китоб эканини таърифлаш билан бошланиб, Аллоҳ таолонинг бандаларига пайғамбарлар юборишдан кўзлаган ҳикматини баён этиш билан тугалланади. Бу сура Аллоҳ таоло томонидан Од Қавмига юборилган Ҳуд пайғамбар номи билан аталгандир.
Негізгі бет 11. ҲУД СУРАСИ
Пікірлер: 3