Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига келиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Хонобод мамлакатимизнинг энг шарқий ҳудуди. Чегарада жойлашгани сабабли илгари ёпиқ шаҳар эди. Охирги йиллардаги ўзгаришлар, яхши қўшничилик сиёсати натижасида Хонобод очилди, унинг иқтисодиёти анча соғломлашди, аҳоли турмуш даражаси оша бошлади. Бугун бу ерда туризм, саноат, мева-сабзавотчилик ва хизматлар ривожланмоқда.
Янги ҳаёт маҳалласи фаоллари давлатимиз раҳбарига одамларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб берди.
Бу маҳаллада 3 минг 500 дан ортиқ аҳоли яшайди. Мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва коллежларда сифатли таълим учун шароитлар бор. Тоғ ёнбағридаги дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва томорқа хўжаликларида аҳоли иш билан банд.
Бундан ташқари, ўндан ортиқ уй меҳмонхонаси, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Ўтган йилда маҳалладаги юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна 181 фуқаро ўзини ўзи банд қилган.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат «маҳалла еттилиги» ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу тизим вакиллари билан суҳбатлашди.
Президент маҳалла гузари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбари Хонобод шаҳри Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Салоҳиддин Усмонов хонадонида меҳмон бўлди.
Оила бошлиғи рафиқаси Зиёда опа билан икки фарзандни вояга етказган. Ҳовли обод. Уй замонавий қиёфага эга, томига қуёш панеллари ўрнатилган. Шунингдек, энергия тежамкор алоҳида иситиш тизими барпо этилган.
Сўнгги йилларда Хонободда туризм ривожланмоқда. Инфратузилма яхшиланиб, сайёҳлар жалб этилмоқда. Бу имкониятлардан фойдаланиб, хонадонда уй меҳмонхонаси ташкил этилган.
С.Усмонов қишлоқ хўжалиги мутахассиси. Улар қўзиқорин етиштириш билан ҳам шуғулланади.
Президентимиз бундай омилкорликни маъқуллаб, бошқа жойларда ҳам қўллаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, 16 февраль куни Хонобод шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Негізгі бет "200 минг доллар пора, 20 йил тақиқда бўлган Шерали Жўраев, очилган ёпиқ шаҳар" Президент Андижонда
Пікірлер: 875