1
Бу ҳайкалнинг теварагида
селфи тушар сулув Лайлилар,
Лайлиларки - зулфи Зарафшон.
Бу ҳайкалнинг теварагида
ўрис кампир кучуги билан
сайр этади ҳар куни оқшом.
Бу ҳайкалнинг теварагида
гир айланар димоғдор шаҳар,
На шоир, на шеърга ҳуши бор.
Бу ҳайкалнинг теварагида
фақат, сўзга Мажнунлар фақат,
Этининг бир жимирлаши бор.
2
Бу ҳайкал кимгадир улуғвор,
Кимгадир оддий тош,
сангтарошнинг санъати холос.
Аммо менга қизиқ:
Умрини ҳазратнинг хазиналарин
синчиклаб, уқмоққа баҳш этган,
у ҳақда бўйидай китоблар ёзиб
ва ҳозир
кўзлари нурсиз авлодга
унинг даҳолигин маърузаларда
бот-бот исботлашга уринаётган
олимнинг
шу ҳайкал ёнидан
ўтар маҳалдаги ўйлари.
3
Аммо бу кун - бу бошқача кун,
Ҳайкалининг теварагида
Байт шарҳлаймиз, руҳи шодланар,
Шарафлаймиз, руҳи шодланар,
Гулчамбарлар тўшаб пойига
Кейин қарсак муҳим...
Шодланар.
Бу шунчаки фараз, эҳтимол,
Шеър тинглаб кўк, тупроқ шодланар.
Акром Малик чиқса очиққа,
Балки руҳи кўпроқ шодланар,
Балки руҳи кўпроқ шодланар!
4
Кечиринг, биз норасо авлод.
Қўлимиздан сизни олқишлаб,
“Келмади”ни айтмоқ келади, холос.
✍ Нурмуҳаммад АЗИЗ
Негізгі бет 9-fevral o‘ylari - Nurmuhammad Aziz | Firdavs Shokirxo‘ja o‘qidi
Пікірлер