Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида мамлакатимизда Президент сайлови юқори савияда ўтгани, бу халқимизни улуғ мақсадлар йўлида янада бирлаштирганини таъкидлади.
Эндиги вазифа белгиланган мақсадларни кечиктирмасдан, аввалгидан-да кўпроқ ғайрат билан амалга оширишдир. Бугун жаҳондаги зиддиятлар, шафқатсиз рақобат даврида бу осон бўлмайди, албатта. Савдо ва инвестициялар, товар ва хизматлар айланишида транспорт-логистика тизими тобора мураккаблашиб бораяпти.
- Мана шундай оғир вазиятда, одамларимизга муносиб шароит яратиш учун юз минглаб юқори даромадли иш ўринлари ташкил этишимиз, дунё бозорида рақобат қила оладиган маҳсулотларни кўпайтиришимиз зарур. Бунинг учун эса янги-янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, малакали мутахассислар керак, - деди Президент.
Шу боис йиғилишда тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳаларнинг ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида тармоқларда 3,6 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларининг ҳар бирига 50 миллион доллардан кўп тўғридан-тўғри инвестиция келган. Буни ҳисобидан, ушбу туманларда жами 50 мингта янги иш ўрни, қўшимча 1 триллион сўм тушум пайдо бўлган.
Лекин айрим ҳудуд ва тармоқларда бу кўрсаткич паст, инвестиция муҳити қониқарсиз. Шундай туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вазир ўринбосарлари, давлат корхоналари мутасаддилари лавозимидан озод қилинди, айримларига ҳайфсан берилди.
Йиғилишда инвестиция дастурларидаги 1 минг 500 та лойиҳани тезлаштириш ва 12 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир тармоқ ва ҳудудга инвестицияларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар алгоритмини кўрсатиб берди.
Жумладан, давлат инвестиция дастури доирасида 11,5 миллиард долларлик 272 та йирик лойиҳани муддатидан олдин фойдаланишга топшириш бўйича “лойиҳабай” иш ташкил этилади. Масалан, қурилишни тезлаштириш ҳисобига 29 та, ускуналарни олиб келиш ва ўрнатишга кўмаклашиш орқали 49 та лойиҳани олдинроқ ишга тушириш мумкин. Бунинг ҳисобига, 700 миллион доллар инвестицияларни 2-3 ой олдин ўзлаштирилишига эришилади.
Бу борада транспорт вазири ва мамлакатимизнинг хориждаги элчиларига кўрсатмалар берилди. Ҳудудлардаги лойиҳаларни инфратузилма билан таъминлаш учун назарда тутилган 1,2 триллион сўмга қўшимча яна 100 миллион доллар йўналтирилиши айтилди.
Негізгі бет Шавкат Мирзиёев ўндан ортиқ ҳокимни ва «Темир йўл» ва «Автойўл» раҳбарларини ишдан олди
Пікірлер: 814