Президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бир қанча учрашувларни ўтказди.
Жумладан, Ўзбекистон раҳбари Сингапур парламенти спикери Сиа Киан Пенгни қабул қилди. Суҳбатда кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, туризм ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Олий даражадаги келишувлар устидан биргаликда самарали парламент назоратини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси, президент администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаровни қабул қилди. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Қамбарота ГЭС-1 ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳаларининг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатимизда энергетика тармоғини ривожлантиришга энг кўп инвестиция киритган ACWA Power компанияси билан самарали ҳамкорлик қилинаётгани таъкидланди. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда янги лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуфни қабул қилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё соҳаларида, шу жумладан Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компанияси кўмагида лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият борлиги қайд этилди. Яқин фурсатда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди. Трансафғон темир йўлини қуриш ҳамда «Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Ўмон» транспорт йўлагини илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Негізгі бет Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бир қанча учрашувларни ўтказди
Пікірлер: 32