Фотиҳа Қуръони каримнинг биринчи сурасидир. Шунинг учун “Фотиҳа” (яъни, “очувчи”), дейилади. Бу сура “Уммул Китоб” (Китобнинг онаси) деб ҳам аталади. Сабаби Фотиҳа Қуръоннинг мазмунини, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган.
Фотиҳа сурасининг фазилати ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқиб, бир жойда қўним топдилар. Бир киши у зотга яқин ерга жойлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб: “Сенга Қуръондаги энг улуғ сура қайсилигини айтайми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз Фотиҳа сурасини тиловат қилдилар .
Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Зайд деган саҳоба билан кечаси Мадина кўчалари бўйлаб кетаётганларида бир одам таҳажжуд намозида Фотиҳа сурасини ўқиётганини эшитдилар. Қироатни охиригача тингладилар. Кейин: “Қуръонда бунга ўхшаган биронта ҳам сура йўқ”, дедилар .
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Фотиҳага ўхшаш сурани нозил қилмаган. У етти такрорланувчи (оятлардан иборат)дир. (Аллоҳ:) “У Мен билан бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (берилади)”, (деб айтган )”.
Аллоҳ таоло Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Фотиҳага ўхшаган фазилатли сурани нозил қилмаган. Бундай улуғ сура фақат Қуръонда бор.
Ривоятнинг иккинчи қисмида Аллоҳ таоло: “У Мен билан бандам ўртасида иккига тақсимланган. Бандам учун сўрагани (берилади)” демоқда. Бундан чиқди, Фотиҳа сурасини ўқигандан кейин ихлос билан дуо қилинса, тилаклар ижобат бўлади.
#Fotiha_surasi #Ummul_kitob #Ochuvchi_sura
Негізгі бет Фотиха сурасининг фазилати
Пікірлер