Кузатинг:
myurls.co/inja...
* *
Мен ғамгин одамман, ғамгин ўларман,
Бўзлаб қолаверар ишқ булбуллари.
Тўлсам бир осмондай буткул тўларман,
Тўкилсам ёмғирдай тўкилгай бари.
Жисмим қумғонини қайнатар обдон
Кўксимда ловуллаб турган битта чўғ.
Йўқдир беркитгулик на сир, на ёлғон,
Унда ҳайқиргулик ҳақиқат ҳам йўқ.
Бу жисм дунёга чайиб ўзини,
Хоклигин унутиб базм қилмишдир.
Самодан тўкилган ойдин сўзини
Майдалаб-майдалаб ҳазм қилмишдир.
Энди сукунатим мендан ҳам ғамгин,
Сўзсиз вужудимдан сирғалади жон.
Бир соқов ҳақғўйни бағрига босиб,
Сокин айланади замин-у осмон.
Aммо... қайдан келдинг, эй маъюс қувонч,
Қачон бу қушларнинг осмони қайтди?
Сўзи қуриб битган забоним билан
Худонинг исмини пичирлаб айтдим.
Aйтдим, эшитдими Худонинг ўзи?
Aйтдим Ёлғизимга шукроналарни.
Aйтдим, айтавердим, тирилди сўзим.
Ўзи асрар экан девоналарни.
Aй дунё, сен йўқсан. Ўзга дунё бор,
Уни етолмаслар вужудлар сафи.
Уни ахтарурлар такрор-у такрор,
Унга топинурлар чин ишқ мазҳаби.
Мендан ҳам ғамгин бир дунё бор экан,
Бор экан вужудин пойингга ташлаб
Уйғониш асрининг кашшофларидай
Хазина ахтариб юрган ошиқлар.
Барибир қолгим йўқ, кетгим бор бироз,
Бу бўстон омонат, бу бўстон - саҳро.
Менга мўжизадай туюлди, холос,
Сенинг табассуминг беркинган дунё.
Кел, энди сен мени қатл эт беармон -
Инсонни ўлдирар бахт ҳам гоҳида.
Мен ғамгин одамман, ғамгин ўларман
Маъсум муҳаббатнинг қатлгоҳида.
Суҳроб ЗИЁ
Негізгі бет Инжа LIVE: "O'v dunyo, sen yo'qsan. O'zga dunyo bor..." I Суҳроб Зиё - Мен ғамгин одамман, ғамгин...
Пікірлер: 2