Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сафар ойидан шумланиш; унга шубҳа билан қараб, ёмонлик ойи деб билиш; бу ойда хайрли амалларни қилиб бўлмайди, деган эътиқодга бориш; бу ойда бало-офатлар кўпаяди, дейиш; бу ойда балолар хуруж қилади, деб ўйлаш мутлақо мумкин эмас! Бу ислом шариатининг ирим-сиримларга ишонмаслик, шумланиш мумкин эмаслиги каби умумэътиқодлари жумласидан ҳисобланади. Тавҳидга асосланган ислом динига кўра ҳар бир нарсанинг сабабчиси Аллоҳ таолодир! Шумланиш ва ирим-сиримлар ана шу буюк эътифқодга дарз етказади. Бинобарин, шариат асосчиси Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга алоҳида эътибор қаратганлар ва одамларнинг бу борадаги эътиқодларини доимо назоратда ушлаб турганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:
"Шариатда "адво" ҳам йўқ, "сафар" ҳам йўқ, "ҳомат" ҳам йўқ. (Бухорий, 4/5717; Табароний, 7/6657; 8/7762).
Айрим ривоятларда: - "ғул" ҳам йўқ", жумласи қўшилган (Аҳмад, 3/15143; Абу Довуд, 4/3915).
Имом Абу Довуд (р.ҳ.) ривоятида эса: - "тийара" ҳам йўқ, "навъа" ҳам йўқ", жумласи ҳам бор (Абу Довуд, 4/3913-3914).
Мазкур ҳадиси шарифда тилга олинган сўзларнинг бир қанча маънолари бор. Буларнинг барчаси мўъмин-мусулмонларнинг эътиқодини тўғрилаш, мўъмин-мусулмонлар соғлом ва соф ақидада бўлишлари мақсадида Расули акрам (с.а.в.)нинг муборак тилларига чиққан.
1) "Адво" луғатда "фасод, бузилиш" бўлса-да, бу ерда касалликнинг бировдан бировга юқиши назарда тутилган ва Расулуллоҳ (с.а.в.) касаллик юқишининг йўқлигини таъкидлаганлар. Зотан, касаллик ўзича, ўз-ўзидан бировга юқиб қолмайди. Микроблар ва бошқа нарсалар касаллик юқтиришда мустақил иш кўра олмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис давомида бундай суҳбат бўлиб ўтган:
Бир бадавий: "Ё Расулуллоҳ, туяларимизга нима бўлган ўзи? Аввалига улар оҳудек соппа-соғ юришади, кейин эса ораларига бир қўтир туя келиб қўшилди дегунча барчаси қўтир бўлиб қолади", деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ўша дастлабки қўтир бўлган туяни ким қўтир қилган?", дедилар.
Мазкур суҳбатда Расулуллоҳ (с.а.в.) бадавий ва бошқаларнинг эътиқодларини Аллоҳ тарафга бурмоқдалар. Илк касал бўлиш ҳам, касаллик бир-бировга ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан юз беради. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: ولا يعدي صحيحا سقيم - "Соғломга касаллик ўтмайди" деган гаплари (Абу Яъло, 1/430-431) ҳам шу маънодадир. Ҳар бир нарсанинг асл сабабчиси, сабабларни яратувчиси Аллоҳ таолодир! Касалликни тарқатувчи микробларни яратган ҳам, уларга юқтириш хислатини, аниқроғи юқтириш касофатини берган ҳам Аллоҳ таолодир. Агар Аллоҳ хоҳламаса, ҳеч бир касаллик юқмайди. Бинобарин, ушбу эътиқодда инсон Аллоҳ таолога таваккул қилиб яшаши керак. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир куни мохов кимсанинг қўлидан ушлаб, у билан бирга таом ейиш учун унинг олдига лаган қўйдилар ва "Аллоҳга таваккал қилиб, унга ишониб, "бисмиллоҳ" айтиб егин!" дедилар (Абу Довуд, 2/3925; Ҳоким, 4/7196; Абу Яъло, 4/1822).
Аллоҳ таоло хоҳласа, касалликлар бир-бировга юқиши мумкин. Шунинг учун айрим кассалликлар Аллоҳнинг иродаси билан юқиб қолади. Улардан сақланишни ҳам Аллоҳнинг элчиси бизга буюрганлар: فر من المجذوم فرارك من الأسد - "Моховдан шердан қочганинг каби қочгин!" (Аҳмад, 2/9720; Ибн Абу Шайба, 8/25031).
Расулуллоҳ (с.а.в.) вабо ҳақида мана бундай деганлар
"Вабони бирор ерда деб эшитсангиз, ўша ерга борманглар, сизнинг ўзингиз бирор ерда бўлсангиз-у, ўша ерда вабо бўладиган бўлса, у ердан қочиб чиқманг!" (Бухорий, 4/5730).
2) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг "сафар" ҳам йўқ, деган гапларининг маъносини олимлар ҳар хил тушунганлар.
Масалан, Имом Бухорий (р.ҳ.) "сафар"ни -"Қоринда бўладиган дард" деб блган ва юқоридаги ҳадисни шу номдаги бобда келтирган. Бу гапни тобеъинлардан Ато (р.ҳ.) айтган бўлиб, ундан:
Ато (р.ҳ.) сафарни одамлар қориндаги дард дейишади, дегани нақл қилинган (Абу Довуд, 4/3920).
Имом Молик (р.ҳ.)дан "сафар"нинг маъноси ҳақида сўралганда, у бундай деб жавоб берган эканлар:
"Имом Молик (р.ҳ.)дан "сафар йўқ", жумласининг маъноси ҳақида сўралганда, у бундай деб жавоб берди: "Жоҳилият аҳолиси сафар ойини бир йили урушлар ҳаром қилинган ой деб билсалар, кейинги йили ҳалол деб билардилар.
Негізгі бет ИРИМ СИРИМ ХАКИДА!
Пікірлер: 1