"Дўстлар даврасида" кўрсатуви
"Маданият ва маърифат" телеканали
- Роза опа, Сизни болалигимиздан буён турмуш ўртоғингиз - Эргаш ака Каримов билан “Телевизион миниатюралар театри” ва қатор қисқа метражли комик фильмларда ижро этган ролларингизни мароқ ила севиб томоша қилиб келганмиз. Гарчи, Сиз саҳналарда барчага кулги улашувчи, тасаввуримизда ҳамиша табассум қилиб юрувчи аёл тимсолида муҳрланиб қолган бўлсангиз-да, санъаткорларнинг ҳаёти фақат ўйин-кулгилардангина иборат эмаслигини яхши биламиз. Шу саҳнада ўтган ҳаётингиз мобайнида қандай машаққатларга дуч келгансиз?
- Дарҳақиқат, айримлар санъаткорларнинг турмушини, ҳаёт тарзини енгил, фақат хурсандчиликлардан иборатдек тасаввур этишади. Аслида, ҳаёт қонунлари барча учун баробар бўлганидек, саҳна, санъат ҳам бошқа соҳалар сингари рақобатчилар билан лиммо-лим. Улар орасида қанийди ҳамма рақиблар ҳам мард бўлишса ва очиқ майдонга чиқишса... Афсуски, рақобатга ҳасад, ғайирлик, пайт пойлаб, оёқдан чалишга уринишлар, ғирромликлар, иғво, фисқу фасодлар ҳам ҳамоҳанг бўлади!
Гапни иш фаолиятимни эндигина бошлаган кезларимдан бошласам. У пайтлар янги телевидение ҳали битмаган эди. 1963 йили раҳбарият ишонч билдириб, менга ўз соҳам бўйича режиссёрлик вазифасини топширишди. Аммо ўзгалар ютуғини кўролмайдиганлар ва ичиқоралик қилувчи, олдингизда ўзини дўстдек тутиб, ортингиздан ғийбат қиладиган, ёлғон миш-миш тарқатадиган мунофиқлар бизга кўп маротаба панд беришга уринишди. Айниқса, режиссёрлигимдан ташқари, Эргаш ака билан “Телевизион миниатюралар театри”ни ташкиллаштирганимиз телевидениедаги айрим шахсларга ёқмаган бўлса, баъзи бир театр актрисаларига малол келди. Ўшанда, дастлаб “Икки тийин” деб номланган интермедияни намойиш этган эдик. Эргаш ака харидор, мен эса сотувчи қиз ролида чиққандик. Харидор ниманинг нархини сўрамасин, сотувчи қиз “Икки тийин” деявергач, Эргаш аканинг жаҳли чиқиб, “Ҳамма ишинг бир тийин!”, - дейди.
Миниатюра театримизнинг нишона сонлари эфирга узатилгач, Зулфия опанинг шахсан ўзлари бизни табрикладилар.
Бу орада мазам қочиб, қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Ошқозоним яллиғланган экан. Ўша даврларда вилоятларга тез-тез жўнатиб туришарди ва боришимиз сиёсий талаблар билан боғлиқ ҳамда мажбурий эди. Касаллигим боис, боролмадим ва касалхонада ётиб, 17 кун даволанишимга тўғри келди. Шундай оғир ётган дамларимда, телевидениенинг баъзи раҳбарлари ҳолимдан хабар олиш, далда бериш ўрнига, “вилоятларга бормаслик учун ўзини ёлғондан касал қилиб кўрсатиб, касалхонага ётиб олган”, деган сохта миш-миш тарқатишибди. Бош режиссёрнинг ёрдамчиси аввалига мени режиссёр ассистенти вазифасига ўтказишганини айтиб, бир дардимга ўн дард қўшган бўлса, тузалай деганимда, бош режиссёр мени ишдан бўшатмоқчи эканлиги ҳақидаги совуқ хабардан буткул ҳафсалам пир бўлиб, дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Ҳаттоки, унинг оғзаки буйруғи билан бўлим муҳаррири поликлиникага бориб, менинг касаллик варақаларимни шифокорлардан кўрсатишларини талаб қилиб, текшириб кўрибди. Сохта бемор эмаслигимга ишонч ҳосил қилишгач, мени руҳий касал эканлигимга шифокорларни ишонтиришга уринишган: “Роза Каримовани руҳий касаллар шифохонасига ётқизиш керак”, дея уқтиришиб, ўзимизнинг содда тил билан айтганда, каминани жиннига чиқаришмоқчи бўлишган.
Шундан сўнг, Минвод сиҳатгоҳида ошқозонимдаги ярани даволатиш, саломатлигимни тиклаш учун тегишли дори-дармонларни олиб, даволандим.
(Манба: "Оила тилсими" газетасидан бир лавҳа)
Негізгі бет Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Роза Каримова дўстлари даврасида | Do'stlar davrasida
Пікірлер: 93